Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида экологик тадбир ўтказилди
Жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача Ўзбекистон бўйлаб “Тоза ҳаво” ойлигининг иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда.
Автотранспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига ташланувчи зарарли газлар миқдорини камайтириш мақсадида Бухоро вилояти Табиат ресурслари бошқармаси ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими билан ҳамкорликда Автонақлиёт цехида экологик тадбир ташкиллаштирилди.
Унда ҳайдовчиларга экотадбир ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича тушунчалар берилди, тарғибот ишлари олиб борилди.
Шунингдек, бензин, дизель ёнилғиси, сиқилган ва суюлтирилган табиий газда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташлаётган зарарли газлар миқдори махсус асбоб-ускуналар (газоанализаторлар) орқали кўрикдан ўтказилди.
Экотадбир доирасида 35 дан ортиқ автотранспорт воситаси кўрикдан ўтказилди. Унинг натижасига кўра, барча транспорт воситаларининг соз ҳолатда эканлиги аниқланди.
Маълумот учун: ҳозирги кунда мамлакатда 4 млн га яқин автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, шундан 100 мингтаси носоз ҳисобланади. Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,3 млн тонна зарарли ташламалар ташланади. Бу умумий ташламаларнинг 63,0 фоизини ташкил этади.