Меҳнат ҳуқуқлари бўйича мутахассислар билан очиқ мулоқот
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Юридик департаменти ташаббуси билан “Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда асосий янгиликлар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Мазкур тадбирда меҳнат ҳуқуқи соҳасида илмий ва амалий тажрибага эга бўлган Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Каримжонов Муҳаммадамин Муҳаммадалиевич иштирок этди.
Семинар “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари учун офлайн ва онлайн форматларда ташкил этилди.
Қатнашчилар меҳнат қонунчилиги бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита мутахассисдан жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.
Тадбирда меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандартлар асосида миллий қонунчиликни такомиллаштириш, меҳнат муносабатларини рақамлаштириш ва ишга қабул жараёнларини соддалаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Семинар иштирокчилари ушбу янгиликларнинг амалиётдаги аҳамияти, уларни жорий этишда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Бундай семинар-тренинглар “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимларининг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, меҳнат қонунчилигидаги ислоҳотларни амалиётга тўғри татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.