Ҳам саноатда, ҳам ҳунармандчиликда чевар аёллар
Қашқадарё вилоятида ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги Шўртан газ кимё мажмуаси, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Муборак газни қайта ишлаш заводининг бир гуруҳ хотин-қизлари қўл меҳнати орқали яратилган ижод намуналари билан иштирок этишди.
Бугунги кунда Жамият марказий аппарати, унинг тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналарида фаолият олиб бораётган жами 3 928 нафар аёл орасида ишдан бўш вақтида каштачилик, тикувчилик, тўқувчилик, рассомчилик, ишлаб чиқариш каби тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини йўлга қўйганлари ҳам бор. Ярмаркада уларга ўз иқтидорларини намойиш этишларига имкон берилди.
Ҳудудий саноат ярмаркасига ташриф буюрган Президент маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, вилоят ҳокими ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг тадбиркор ва ҳунарманд аёллари томонидан яратилган маҳсулот намуналари билан яқиндан танишди. Хусусан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Доктор Сабина Махл шарқона либослар, оёқ кийимлар, тақинчоқлар, қўл меҳнати намунаси бўлган сўзаналарга катта қизиқиш билдирди.
Бу имконият хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва келгусида янги иш ўринлари, маҳсулотлар экспорти орқали нафақат даромад олишлари, мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари учун кенг эшикларни очади.