“Техник кун” халқаро конференцияси ўтказилади
2024 йилнинг 13-15 март кунлари пойтахтдаги Hilton меҳмонхонасида “Ўзбекнефтгаз” ва Россия Федерациясининг Нефт ва газ технологик ташаббуслари институти (ИНТИ) билан ҳамкорликда “Техник кун” халқаро конференцияси бўлиб ўтади.
Унда нефт-газ, энергетика ва автоматика соҳасига ихтисослашган йирик хорижий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган геологик қидирув, қайта ишлаш ускуналари, логистика хизматларининг ички ва ташқи бозорда харидоргирлигини ошириш бўйича замонавий ечимлари борасида ўзаро ўртоқлашилади.
Шунингдек, тадбир давомида геологик қидирув, бурғилаш, қазиб чиқариш, қайта ишлаш, босим остида ишловчи аппаратлар, ротацион ва насос ускуналари, энергетика, автоматлаштириш, қурилиш меъёрлари каби 170 дан ортиқ йўналишлар бўйича стандартлар бўйича тақдимотлар ўтказилади.
Конференция доирасида тармоқ ва саноат корхоналари мутахассислари учун ташкил этиладиган сессияларда халқаро стандартларни Ўзбекистонда тадбиқ этиш ва ишлаб чиқариш корхоналарига жорий қилиш, қолаверса, халқаро, давлатлараро, минтақавий ва хорижий мамлакатлар стандартларини қўллаш тартибларини ўзаро муҳокама қилиш режалаштирилган.
Анжуманда энергетика, нефтгаз ва автоматика соҳасидаги ускуналарни ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.