“Ўзбекнефтгаз”АЖ ҳамда АҚШнинг “Air Products” компанияси раҳбарияти ўртасида истиқболдаги режалар муҳокама қилинди
2023 йилнинг 25 май куни "Air Products" компаниясининг Директорлар кенгаши раиси, президенти ва бош директори Сейфи Гасеми бошчилигидаги делегация аъзолари “Ўзбекнефтгаз” АЖга ташриф буюрди.
Дастлаб, хорижий делегация аъзолари "Ўзбекнефтгаз" АЖ Конларни ишлатиш департаментининг Моделлаштириш маркази фаолияти билан таништирилди.
Моделлаштириш маркази томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этиш жоизки, Моделлаштириш маркази нефть ва газ конларини ишлатишда юзага келадиган муаммоларни бартараф этишнинг ечимларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Айни пайтда марказ томонидан нефть ва газ конларининг ер ости ҳамда ер усти қисмларини бирлаштириш ва уларни таҳлил қилиш имконини берувчи интеграциялаштирилган моделлаштиришга киришилган.
Бундай Моделлаштириш марказлари “Saudi Aramco”, “ExxonMobil”, “BP”, “Shell” каби жаҳоннинг етакчи нефть ва газ компанияларида мавжуд бўлиб, уларда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ҳаражатларни оптималлаштириш ҳамда нефть ва газ ишлаб чиқариш жараёнларини яхшилаш учун фойдаланилади.
Моделлаштириш маркази фаолияти билан танишувдан сўнг "Ўзбекнефтгаз" АЖ ҳамда АҚШнинг “Air Products” компанияси раҳбарияти ўртасида ҳамкорлик доирасида келгусида амалга ошириладиган режалар муҳокама қилинди.