“Раҳбар аёллар мактаби” да “Ўзбекнефтгаз” ходими ҳам иштирок этмоқда
Ўзбекистонда аёлларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш ва уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш мақсадида бир неча йиллардан буён “Раҳбар аёллар мактаби” махсус ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда.
Лойиҳа мамлакатимизда фаолияти ижобий, ташаббускор, ўз соҳаси бўйича билим, тажриба ва етарли кўникмаларга эга етакчи аёлларни қўллаб-қувватлаш ва улар имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Ушбу ўқув курсларининг очилиш маросими “Ёшлар ижод саройи”да бўлиб ўтди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган дастурда парламент аъзолари, Администрация вакиллари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар масъуллари, ўқув дастури иштирокчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ушбу махсус ўқув курсларининг 4-мавсуми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида ташкил этилмоқда. Бу ташаббус аёл раҳбарлар малакасини ошириш учун янги имкониятларни яратиб, юқори касбий салоҳиятга эга ва инновацион ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи ёш раҳбар аёлларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.
Махсус ўқув курсларида юртимиз бўйлаб бир неча босқичли танлов асосида сараланган 100 нафар аёл малакалари оширилмоқда. Улар орасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бизнесни истиқболли ривожлантириш департаменти Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Севара Ибрагимова ҳам бор.
Таълим жараёни юқори малакали экспертлар иштирокида ўтказилади ҳамда замонавий бошқарув механизмларини самарали қўллаш ва инновацион ечимларни амалга ошириш йўллари ўргатилади.