November 7

Нефт-газ соҳасида экологик устуворликни таъминлашда илмий ечимларнинг аҳамияти

O‘zbekcha Ruscha

Тошкент шаҳрида “Саноатда катализ ва экологик муаммолар” Халқаро илмий техникавий анжуман бўлиб ўтди. Тадбир “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон нефт ва газ саноатининг илмий-муҳандислик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади — атроф муҳитни муҳофаза қилиш, энергия тежаш ва нефт-газ соҳасида экологик устуворликни таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида катализаторлар ва катализатор технологияларини қўллаш орқали юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишдир.

Анжуманда 40 дан ортиқ хорижий олимлар ва 50 дан ортиқ маҳаллий мутахассислар қатнашди. Улар нефт-газ, нефт-газ кимёси, энергетика ва экология соҳаларидаги замонавий муаммолар ва уларнинг ечимларини муҳокама қилишди. Катализаторлар, уларнинг ишлаб чиқаришдаги роли, шунингдек, экологик аҳамияти ҳақида бир қанча тақдимотлар бўлиб ўтди.

Катализаторлар нефт-газ саноатида жуда муҳим аҳамиятга эга. Улар ёрдамида, нефтни қайта ишлаш жараёнида катта энергия сарфи ва атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларнинг ҳажмини камайтиришга эришиш мумкин.

Тадбир доирасида нефт-газ мажмуаларида иқтисодиёт ва экология муаммолари муҳокама қилинди. Катализаторлар ёрдамида чиқариладиган эмиссиялари, қайта ишлаш жараёнлари ва энергия сарфини қисқартиришга қаратилган сўнгги тадқиқотлар кўриб чиқилди, янги йўналишлар ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу тадбир, фан ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва барқарор консорциумларни шакллантириш учун муҳим платформа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Анжуман, айниқса, саноат ва экологик масалаларни биргаликда ҳал этишда илмий ҳамкорликнинг аҳамиятини яна бир бор исботлади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook