May 3, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Германия банки вакиллари билан учрашувда ҳамкорликнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари ҳамда Германиянинг “Deutsche Bank AG” банки вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Унда ҳамкорликнинг кейинги босқичлари муҳокама этилди.

Учрашувда дастлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг ўринбосари банк вакилларини акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, трансформация жараёнлари, иқтисодий барқарорликка эришиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари билан таништирди.

Банк вакиллари томонидан эса кредит лойиҳалари рискини ҳисобга олиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш бўйича синдикатлашган кредитни амалга ошириш таклифи берилди ҳамда халқаро молиявий бозорлар йўналишлари офислари иштироки бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, банк вакиллари томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалга оширилаётган приватизация жараёнига катта қизиқиш билдирилди.

Ҳамкорлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ да амалга оширилаётган лойиҳаларга банк томонидан таклиф этиладиган молиявий инструментлар муҳокамасига ҳам эътибор қаратишди.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлашди.

Маълумот учун: “Deutsche Bank AG” активлари миқдори бўйича Германиядаги энг йирик молиявий конгломерат ҳисобланади. Ушбу банк валюта бозорининг энг йирик иштирокчиси бўлиб, 59 та давлатдаги филиал ва ваколатхоналари орқали 28 миллион мижозга хизмат кўрсатади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|instagram|telegram|