September 14, 2023

Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ўзлаштирилди

O‘zbekcha Ruscha

Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Чирчиқ шаҳрида жойлашган “UNGM-DR Сервис Центр” МЧЖ қўшма корхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бугунги кунда ушбу қўшма корхона томонидан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги қурилмалар учун хориждан импорт қилинаётган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилиб, таъмирлаш хизматлари кўрсатилмоқда.

Жумладан, 2021-2023 йиллар мобайнида қўшма корхона билан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг турбодетандер агрегатларининг эҳтиёт қисмлари, насос валлари, компрессор ускуналари штоклари, газ ҳайдаш компрессор ускуналари роторлари, алмаштириладиган оқим қисмларини тайёрлаш ва таъмирлаш учун 45га яқин шартнома тузилган.

Шартнома шартларига кўра, қўшма корхона томонидан эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ҳамда таъмирлаш хизматлари ўз вақтида бажарилиб келинмоқда.

Жорий йилда мазкур корхона томонидан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли сиқув компрессор станцияларининг “PCL-504” ва “224ГЦ2-162/18-41М12” русумли газ ҳайдаш компрессор ускуналарининг 3 дона алмаштириладиган оқим қисми таъмирланди. Ускуналар муваффақиятли синовдан ўтказилиб, ҳозирда бир маромда беталофат ишлатилиб келинмоқда.

Шунингдек, “НД 223ГЦ-350/5-14,5М1”, “НД 244ГЦ-260/7,5-26М12456” ва “ВД 204ГЦ2-80/29-75М1245” маркали газ ҳайдаш компрессорларининг роторлари ҳам сифатли таъмирланиб, бошқармага ўз вақтида етказиб берилди. Бунинг натижасида жамият маблағларини иқтисод қилишга эришилди.

"Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш ва саноат кооперация алоқаларини янада кенгайтириш борасида доимий ишлар олиб бормоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube