“Ўзбекнефтгаз” АЖда рақамлаштириш дастури доирасида комплекс тизимларни жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда
Рақамли технологияларни ривожлантириш саноат тармоқларини модернизация қилиш, хўжалик бошқаруви ва бошқа устувор йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда муҳим омиллардан ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш, ишлар чиқариш жараёнларини янада оптималлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Иқтисодиёт тармоқларида харажатлар, қолаверса, ижро интизомини назорат қилишда инсон омили иштирокини камайтиришга фақат рақамлаштириш орқали эришиш мумкинлиги, жумладан, юртбошимиз томонидан “Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар – коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар” деб таъкидланган.
Жамиятдаги ҳар бир бизнес-жараённи рақамлаштириш ишлари, жумладан, ERP (Enterprise Resource Planning) – Корхона ресурсларини режалаштириш тизимини жорий этиш ишлари жадаллаштирилмоқда.
Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тасарруфидаги корхоналарларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар, вазифа ва топшириқларни масофадан сифатли ва аниқ назорат қилиш мақсадида “UNG-DOCFLOW” ахборот тизимида “Лойиҳалар бошқаруви” модули ишга туширилди.
2024 йил 18 январь куни Жамият Марказий аппарати ходимлари учун ушбу модулнинг функционал имкониятлари, ишлаш принциплари ва қулайликларини ёритиб бериш мақсадида семинар бўлиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, мазкур тизим “Ўзбекнефтгаз” АЖ ички имкониятларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган. Тизимда ички ҳужжатлар айланиши, йиғилишлар, хабарлар алмашиш, топшириқлар, сўровнома, лойиҳалар бошқаруви, 360 даража баҳолаш, ходимлар жадвали, турникет ва янгиликлар модуллари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг афзаллиги топшириқлар ижроси самарадорлигини ошириш билан боғлиқдир. Шу билан бирга, лойиҳалар, чора-тадбирлар ва топшириқлар ижроси бевосита KPI тизимига боғланади.
Хусусан, тизим ходимларнинг ҳужжатларни шакллантириш, қайта ишлаш, тасдиқлашга сарфлайдиган вақтини қисқартириш, шунингдек, ҳужжат айланишининг оптималлаштириш имконини беради. Бу эса жисмоний меҳнатни қисқартириш, реал вақт режимида вазифалар ҳолатини кузатиш, шунингдек, таркибий бўлинмалар иштирокисиз статистик маълумотларни йиғишга замин яратади.
Бундан ташқари, буюртмаларни қайта ишлаш тезлигини ошириш, қоғоз, принтер сиёҳ каби бошқа сарф материалларини тежаш ҳисобига қўшимча харажатларни 2 баробаргача камайтириш назарда тутилган.
Ижро интизомини назорат қилиш имкониятининг автоматлаштирилиши инсон омилини камайтириб, турли тушунмовчиликларнинг олдини олади. Бунда ҳар бир ходимнинг топшириқларни ўз вақтида бажариш ҳолатини оператив назорати ўрнатилади.
Албатта, бундай қулайликлар ҳужжатнинг тезкорлик билан ўз вақтида ижро этилишини таъминлайди. Ҳужжатлар корхонага тегишли бўлган серверларда сақланади. Тизимга фақат фойдаланувчилар махсус парол ва электрон рақамли имзо орқали кира олиши мумкин.
Айни пайтда модул синов тарзида ишга туширилган бўлиб, кейинчалик унинг мобил версиясини ҳам ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бугунги кунда мазкур тизимни такомиллаштириш жараёнлари давом эттирилмоқда.
АСКУГ – газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини ишлаб чиқилиб, газ ҳисоблаш қурилмаларидан маълумотлар кунлик ва соатлик узатилган газ ҳисобини таҳлил қилиш имконияти яратилди. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 202З йил 24 майдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “Рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида” ПФ-77-сон Фармонига мувофиқ Энергетика вазирлиги томонидан ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш (қазиб олиш), узатиш (ташиш), сақлаш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларни миқдор жиҳатидан сақлаш жараёнига жорий этилаётган “Рақамли энергоназорат” тизимига интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Рақамлаштириш ва автоматлаштириш доирасида, E-KON – газни қазиб чиқаришни рақамлаштириш, UNG-PMS – қуёш фотоэлектр станцияларидан ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳисоби ва ҳолатини мониторинг қилиш автоматлаштирилган тизимлари ҳамда Nedra Digital - Бурғилаш ишларини бошқариш дастурий комплексини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Жамият тасарруфидаги завод ва бошқармаларда таъмирлаш ишларини тизимли тартибга солиш мақсадида UNG-CMMS (техник хизмат кўрсатиш ва таъмилашни бошқариш) тизимини, эҳтиёжларни шакллантириш ва омборхоналарни бошқариш тизимини жорий қилиш режалаштирилган.
ERP тизими жорий этиш ҳолати, юқорида қайд этилган ва истиқболда жорий этиш режалаштирилган тизимлар юзасидан келгусида батафсил маълумот бериб борилади.