Жорий йилда 135 млн кВт*соат электр энергияси ва 57 млн куб метр табиий газ ёқилғиси тежалди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган тадбирлар натижасида 135 миллион кВт*соат электр энергияси тежалиб, режа прогнозга нисбатан 107 фоизга бажарилди.
Бу ўз навбатида электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишда самарадорликни оширишга ёрдам берди.
Электр энергияси истеъмоли иқтисодини таъминлаш мақсадида 27,2 МВт қуёш фотоэлектр станцияси, 113,9 минг литр қуёш сув қиздиргичлари, 13 235 дона светодиодли лампалар, 1 951 дона ёритиш чироқлари ва 1 103 дона сенсорли датчиклар ўрнатилди.
Табиий газ ёқилғисини тежашга қаратилган тадбирлар натижасида 57 миллион куб метр табиий газ ёқилғисини тежашга муваффақ бўлинди. Бу прогнозга нисбатан 120 фоизга кўпроқ натижа демакдир.
Табиий газни тежаш мақсадида цеолитли тозалаш ва қуритиш қурилмалари, олтингугурт олиш қурилмалари, қозонхоналардаги буғ қозонларини иссиқ заҳирага тўхтатиш орқали газ сарфланишини тежаш ва буғ ишлатиш самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар амалга оширилди.
Ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва оптималлаштиришга катта эътибор бериш натижасида нафақат энергия сарфлари камайтирилди, балки атроф-муҳитга бўлган таъсир ҳам минималлаштирилди.