Кунлик қазиб чиқариш хажми 1,5 миллион куб метр бўлган янги қудуқ ишга туширилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан геология-қидирув ишларини самарали ташкил этиш орқали янги углеводород захираларини аниқлаш ва уларни қазиб чиқишга қаратилган муваффақиятли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг “Нефт ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш учун 2Д и 3Д сейсмоқидирув ишлари натижасида бир қатор янги қатламлар аниқланмоқда.
2024 йилнинг декабр ойида Устюрт регионида амалга оширилган 3Д сейсмоқидирув тадқиқотлари натижасида “Қуйи шарқий Бердах” майдонида бурғилаш ишлари бошланган эди.
2025 йилнинг 10 январ куни мазкур майдондаги 4500 метр чуқурликкача бурғиланган 8-сонли қидирув қудуғида олиб борилган синов-ўзлаштириш ишларидан сўнг кунлик хажми 1,5 миллион куб метр бўлган саноат миқёсидаги табиий газ оқими олишга эришилди.
Мамлакатнинг табиий газ захираларини янада кенгайтириш мақсадида Устюрт регионида қазиб чиқариш ишлари давом этмоқда.