June 13

Шўртан газ кимё мажмуаси: Ишлаб чиқаришдаги янги лойиҳалар ва истиқболдаги режалар

O‘zbekcha Ruscha

Шўртан газ кимё мажмуасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида корхонада олиб борилаётган модернизация, рақамлаштириш, экологик барқарорлик ва инсон ресурсларини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мажмуа директори Шуҳрат Асланов журналистларга сўнгги йилларда мажмуада SAP ERP, Honeywell EPKS каби халқаро стандартларга мос рақамли тизимлар жорий этилгани натижасида нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, балки хавфсизлик ва шаффофлик ҳам таъминланганини таъкидлади.

Заводда буғ қозонлари, деминералланган сув тайёрлаш, азот-ҳаво олиш ва плёнка ишлаб чиқариш тизимлари ҳам модернизация қилинди.

Ҳозирги кунда компрессор, буғ турбиналари ва генераторларнинг бошқарув тизимлари янгиланмоқда. Бу ишлар мажмуанинг ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

2024 йил якунларига кўра, мажмуада 4,2 миллиард куб метр табиий газ қайта ишланиб, 137, 6 минг тонна полиетилен, 126, 2 минг тонна суюлтирилган газ ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқарилгани қайд этилди.

Шўртан газ кимё мажмуасида сўнгги йилларда кенг кўламли модернизация, инфратузилма ривожлантириш, муқобил энергия жорий этиш ва маҳаллийлаштириш йўналишларида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, айни пайтда “UzGTL”дан Шўртан ГКМга буғ ва азот етказиб берувчи паропровод қурилиши якуний босқичда етказилган.

Қуввати 5.3 МВт бўлган қуёш электр стансияси ишга туширилди, мажмуада ёритиш ва насос тизимлари энергия тежамкор қурилмаларга алмаштирилди.

Қарши шаҳрида 8 млн долларлик қўшма корхона базасида кабел маҳсулоти учун компаунд ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Таълим кластери асосида Мажмуа ҳамда Қарши муҳандислик ва иқтисодиёт институти билан ўзаро ҳамкорликда "Газ-кимё ва энергетика" илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу ташаббуслар нафақат мажмуа ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, балки барқарор энергия, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва маҳаллий саноатни ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, журналистларга 2030 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган яна 5 та йирик лойиҳа ҳақида маълумот берилди.

Корхона раҳбарияти иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берди ва келгусида ҳам очиқ мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини маълум қилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати