Европаликлар ҳамкорлигида қувур маҳсулотлари маҳаллийлаштирилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Европанинг “EMK STEELTRADE" компанияси ўртасида икки томонлама учрашув ўтказилди.
Музокараларда компания томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича тақдимот бўлиб ўтди. Унда нефт ва газ соҳасида кенг қўлланиладиган фитинглар, клапанлар, металл қистирмалар ва бошқа қувур маҳсулотлари бўйича тўлиқ маълумотлар берилди.
Кўп йиллик тажрибага эга “EMK STEELTRADE” металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга ихтисослашган бўлиб, юқори сифатли инновацион ечимлар борасида ишончли ҳамкор ҳисобланади.
Компаниянинг Россия, Ўзбекистон, Козоғистон, Қирғизистон, Беларусия давлатларидаги ҳудудий тармоқларида “DIN”, “EN”, “ASTM”, “ASME”, “JIS”, “BS”, “ISO”, “ГОСТ” стандартлари асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Мамлакатимизнинг стратегик жиҳатдан қулай жойлашуви ва бу ерда тадбиркорларга яратилаётган қулай шароитлар туфайли компания Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ўз қизиқишини билдирди.
Музокаралар якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан металл маҳсулотларга бўлган эҳтиёжлар бўйича батафсил маълумотларни хориж компаниясига тақдим этиш ва европалик мутахассисларни тизим корхона ва бошқармаларига ташрифини амалга ошириш, инвестиция дастурлари ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.