Импорт маҳсулотларини маҳаллийлаштирувчи корхоналар имкониятлари намойиш этилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Нефть ва газ технологик ташаббуслари институти (ИНТИ) ҳамкорлигида ўтказилган “Техник кун” халқаро конференцияси кун тартибида импорт маҳсулотларини ўзлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, Президентнинг “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Жамият томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тизимли ҳамкорлик ташкил этилган.
Тадбирда айни пайтда республикамизда нефт ва газ саноати корхоналари эҳтиёжлари учун турли ускуналар ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштиришда фаоллик кўрсатаётган “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ ва “NUQT’A” МЧЖ корхоналари имкониятлари намойиш этилди.
Анжуман доирасида хорижий турдош компаниялар вакиллари ушбу маҳаллий корхоналарнинг технологик қувватлари, мавжуд асбоб-ускуналари ва ишлаб чиқариш ҳажми, маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалари билан таништирилди.
Тақдимотлар сўнггида соҳага ихтисослашган йирик хорижий ва маҳаллий корхоналар томонидан импорт маҳсулотларини маҳаллийлаштиришнинг замонавий ечимлари ҳақида ўзаро тажриба алмашилди.
Маълумот учун, “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ кимё, нефть-кимё, газни қайта ишлаш, юқори босим ўтказгичлар, аппаратлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича Марказий Осиёда етакчи корхоналардан бири бўлса, “NUQT’A” МЧЖ эса назорат-ўлчаш ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.