Қудуқларни бурғилаш самарадорлигини оширишда хориж тажрибаси қўлланилади
Россия энергетика ҳафталиги доирасида “Газпром нефть” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўртасида тегишли шартнома имзоланди. Унга кўра "Газпром нефть" Ўзбекистон конларида қудуқларни бурғилаш жараёнларини оптималлаштиришга кўмаклашади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ конларида қудуқларни қуриш ва улардан фойдаланиш учун “Газпромнефть – Ноябрскнефтгаз” лойиҳанинг оператори сифатида муҳандислик ёндашувлари ва ечимларини ишлаб чиқади.
У бурғилаш назорати, бурғилаш ускуналари аудити, қудуқ дизайнини ўзгартириш бўйича тавсиялар ва бурғилаш суюқлигининг оптимал формуласини танлашни ўз ичига олади. “Газпром нефть” компаниясининг илғор технологиялари ва тажрибаси “Ўзбекнефтгаз”га қудуқларни қуриш вақтини 20 фоиздан кўпроқ муддатга қисқартиришга ёрдам беради.
“Ноябрьскнефтгаз” мутахассисларидан иборат гуруҳлар қудуқ унумдорлигини максимал даражада тиклаш борасида ўзлаштиришнинг кеч босқичидаги конларни ишлатиш учун зарур технологик малакаларга эга.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖда бурғилашни бошқариш марказини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда. Бунда “Газпром нефть” дастурий таъминоти ва унинг қудуқларни қуриш борасидаги илғор тажрибасидан ҳам фойдаланиш режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, "Газпром нефть" 2012 йилдан буён углеводородларни қазиб олиш ва технологик жараёнлар самарадорлигини ошириш имконини берувчи бурғилашни бошқариш марказларини ташкил этиш билан шуғулланади.
Айни пайтда компания тасарруфида бурғилашни туну-кун назорат қиладиган юқори технологияли 10 та қудуқ қурилишини бошқариш маркази мавжуд. Уларнинг улуши жами 87 фоизни ташкил этади. Хорижий компания билан ҳамкорлик Жамиятнинг инновацион фаолиятини фаоллаштирадиган янги технологиялар ва ечимларни яратиш имконини беради.
Вадим Яковлев, "Газпром нефть" компаниясининг геология ва қазиб чиқариш бўйича бош директори ўринбосари:
– Ўзлаштирилиши қийин бўлган заҳиралар ва мураккаб қудуқлар билан ишлаш бўйича тажрибамиз ноёб технологик малакаларни ривожлантириш имконини берди. Бугунги кунда "Газпром нефть" компанияси фаолият юритадиган ҳудудлардаги конларда қудуқлар қурилишини масофадан бошқарадиган юқори технологияли марказлар мавжуд”.
Баҳодир Сидиқов, “Ўзбекнефтгаз”АЖ Бошқаруви раиси:
– “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан қазиб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда. Бу соҳада илғор технологияларни қўллаш - қазиб чиқариш жараёнларини режалаштириш, мувофиқлаштириш ва оптималлаштириш имконини беради. Бунинг натижасида хатарлар камайиши, жараён назорати ва меҳнат унумдорлиги ошади. Шу нуқтаи назардан, “Газпром нефть” билан ҳамкорликда бурғилашни бошқариш марказининг ташкил этилиши қудуқларни бурғилаш билан боғлиқ барча жараёнларни янада самарали ва уйғун бошқаришни таъминлайди. Мутахассисларимиз бир неча йиллар давомида ана шундай марказни ташкил этиш учун халқаро компаниялар тажрибасини ўрганишди. Ўрганишлар натижасида “Газпром нефть” компанияси билан ҳамкорликда лойиҳани амалга оширишга қарор қилинди.
Маълумот ўрнида, "Газпромнефть-Ноябрскнефтгаз" "Газпром нефть" компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади. Корхона Ямало-Ненец ва Ханти-Манси автоном ҳудудидаги 37 та конда нефть ва газ қазиб чиқариш билан шуғулланади. Компания саноатга хос бўлган технологияларни жорий этиш тажрибасига эга. 2020 йилдан буён узунлиги 1 км га етадиган икки горизонтал шафталарда бир вақтнинг ўзида қатламларни гидравлик ёриш имконини берувчи мураккаблик даражаси юқори бўлган қудуқларни қуриб келмоқда. “Газпромнефть-Ноябрскнефтгаз”нинг қудуқ қурилишини бошқариш маркази ягона рақамли маконда бурғилаш учун тўлиқ муҳандислик, технологик ва геологик ёрдамни таъминлайди. Марказ мутахассислари бир вақтнинг ўзида 50 га яқин қазиб олиш ва излов-бурғилаш қудуқлари қурилиши, бурғилаш, ётқизиш, қазиб чиқариш жараёнининг барча босқичлари – қудуқ майдончасини тайёрлашдан тортиб ишга туширишгача бўлган барча босқичларни туну-кун мониторинг қилиб боради.