September 11

Турбодетандер агрегатида таъмирлаш ишлари муваффақиятли якунланиб ишга туширилди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан суюқ углеводородлар қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ва технологик тармоқлардаги барқарорликни таъминлаш мақсадида қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси газни паст ҳароратда сепарациялаш 3/4- навбатининг 3- технологик тармоғида табиий газни паст ҳароратда совутиб таркибидан суюқ углеводородларни ажратиб олишда қўлланиладиган турбодетандер агрегати муваффақиятли таъмирланиб, қайтадан ишга туширилди.

Қайд этиш жоизки, табиий газни комплекс тайёрлаш жараёнларида паст ҳароратда сепарациялаш технологияси жорий қилинган бўлиб, бунда газ таркибидан суюқ углеводородларни ажратиб олиш орқали газ талаб даражасигача қуритилади. Мазкур жараёнда кунлик 5 миллион куб метр табиий газни қабул қилиш қувватига эга бўлган турбодетандер агрегати муҳим ўрин тутади.

Агрегатни таъмирлаш ва қайта ишга қўшишда сарф ҳаражатларни камайтириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ички имкониятларидан фойдаланилди. Яъни, агрегатни таъмирлаш учун зарур бўлган 2 та “MESSEN-0952” статори ички ресурслар ҳисобидан таъминланди. Бу эса техник ресурсларни харид қилишга сарфланадиган маблағларни тежаш имконини берди.

Турбодетандер агрегатини муваффақиятли таъмирлаш натижасида комплекс тайёрланаётган табиий газ сифатини яхшилаш, технологик тармоқлар барқарорлиги ва ишлаб чиқариш жараёнини узлуксизлигини таъминлашга эришилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook