Инвестиция компаниялари ва евробонд эгалари билан самарали мулоқот бўлиб ўтди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегациясининг Лондонга ташрифи доирасида инвестиция компаниялари ва евробонд эгалари билан ҳам учрашуви бўлиб ўтди.
Унда “BlueBay Asset Management”, “Vanguard”, “Ashmore Group”, “Aviva Investors”, “Pictet Asset Management”, “Aberdeen”, “AllianceBernstein”, “Amundi Pioneer”, “Candriam”, “Finisterre Capital”, “Marathon Asset Management”, “Mesarete Capital”, “ProMeritum Investment Management”, “T. Rowe Price”, “Man GLG” каби етакчи инвестиция компаниялари вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун: "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан 2021 йил ноябрда Лондон фонд биржасида қиймати 700 млн. АҚШ долларлик қимматли қоғозлар (еврооблигациялар) чиқарилган ва жойлаштирилган.
Инвесторларга компаниянинг трансформация ислоҳотларини амалга оширишда эришилган ижобий натижалари, жумладан, халқаро ESG стандартларига мувофиқлик, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, операцион самарадорликни яхшилаш, молия ва ликвидликни бошқариш, даромад манбаларини янада диверсификация қилиш ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Инвесторлар компаниянинг трансформация лойиҳалари, шунингдек, карбон изини камайтириш ва декарбонизация чораларига алоҳида эътибор қаратдилар. Етакчи хорижий компаниялар билан биргаликда амалга оширилаётган карбон диоксидни ушлаб қолиш лойиҳаси, барқарор синтетик авиаёқилғиси (SAF) ва "кўк" дизел ишлаб чиқаришни таъминлаш имкониятлари катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек ташқи савдо компаниясини яратиш ва "Ўрта коридор" орқали Европа бозорларига чиқиш борасидаги ҳамкорликка қизиқиш билдирдилар.
Инвесторлар компаниянинг ўтган йил давомида эришган натижаларини юқори баҳолади. Жумладан Компания бурғулаш муддатини 30% га қисқартириш орқали операцион самарадорликни сезиларли даражада яхшилади. 2024 йил 9 ойида ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш орқали 63,8 млн АҚШ долларлик иқтисодий самарага эришилди (йил охирига қадар 78 млн доллар иқтисодий фойда прогноз қилинган). Жорий йилнинг июлида 7 аъзодан иборат бўлган Кузатув кенгаши янги таркиби тасдиқланди. Ундан 2 аъзо мустақилдир, бу корпоратив бошқарувнинг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган қадам. "Ўзбекнефтгаз" АЖ жами даромадини 2,6 млрд долларга етказиб, EBITDA кўрсаткичини 1,151 млрд долларга оширишга эришди.
Инвесторлар очиқ мулоқотни қўллаб-қувватлаш учун бундай учрашувларни мунтазам ўтказиш зарурлигини таъкидлашди.