March 27, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Нефть ва газ маҳсулотларини харидорларга юклаб бериш тўлиқ электрон логистика савдо портали орқали амалга оширилмоқда

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан биржа савдолари орқали сотиладиган юқори ликвидли маҳсулотларни юк ташиш шартномаларини тузиш ва ижро этиш жараёнларини максимал даражада автоматлаштриш ва рақамлаштириш имконини берадиган янги электрон логистика портали жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил март ойидаги “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг “Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг электрон логистика савдо порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ, монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган юк ташиш хизматлари E-logistika.uzex.uz электрон савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилиб келинмоқда.

Логистика порталининг ишга туширилиши билан биржа товарларини сотиб олишнинг деярли барча бизнес жараёни, уларнинг биржа савдоларига қўйилишидан харидорнинг омборига етказиб беришигача рақамлаштирилди. Бу шуни англатадики, логистика жараёнларини шаффофлик, рақобат ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари товар бозорининг охирги босқичи, яъни юк ташувчиларни танлаш ва маҳсулотларни етказиб бериш тизими яратилган.

Сўнгги йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги завод ва бошқармалар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Республика товар-хомашё биржаси орқали сотилиши туфайли ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш борасида салмоқли ютуқларга эришилди.

Бундан ташқари, платформа юк ташиш учун оптимал бозор нархларини шакллантириш ва юк ташувчиларга юкларни излаш имконини беради. Бу эса юк ташиш нархи ва шунга мос равишда товарларнинг нархини пасайишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Электрон навбатнинг шакллантирилиши биржа савдоларидан сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик каби юзага келиши мумкин бўлган инсон омили билан боғлиқ салбий ҳолатлар бартараф этилди.

Яна бир қулайлик афзалликларидан бири, амалдаги тартибга кўра “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан кунлик юклаш графиги тизимга жойлаштирилиб борилади ва харидорлар тизим орқали шартнома шартларида белгиланган муддат ичида юклаш кунини белгилайдилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан сифатли, дунё стандартларига мос маҳсулотларни ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш ва Республиканинг барча турдаги истеъмолчиларига биржа савдолари орқали узлуксиз етказиб бериш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|