“Ўзбекнефтгаз”: “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” 25-юбилей халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади
Жорий йилнинг 18-20 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” 25-юбилей халқаро кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 3-халқаро энергетика форуми ўтказилади.
Ушбу тадбир 1996 йилдан буён ҳар йили “Iteca Exhibitions” кўргазма компанияси ва ҳамкор “ICA Eurasia LLC” МЧЖ билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кўмагида ўтказиб келинмоқда.
Бугунги кўргазмада 300 дан ортиқ хорижий компаниялар ва халқаро ташкилотлар OGU-2023 кўргазма ва конференциясида иштирок этмоқда.
Жумладан “Газпром”, “Лукойл”, “Socar”, “Haldor Topsoe”, “BakerHughes GE”, “Bureau Veritas”, “WorleyParsons”, “Honeywell”, “Indorama”, “Linde AG”, “Газпромбанк”, “Татнефть”, “Siemens Energy”, “Huawei”, “Rosen Group”, “Zeppelin International AG”, “Sumitomo Corporation”, “Ernst&Young”, “Зарубежнефть”, “ТМК”, “Italuz Spa”, “Северсталь” АЖ, “AspenTech Ltd.”, “Росатом” ДК ва бошқалар. Шуни таъкидлаш жоизки, иштирокчилар орасида 40 дан ортиқ компаниялар тадбир дебютантларидир.
Форум доирасида III Халқаро энергетика конференцияси бўлиб ўтмоқда. Унда саноатни ривожлантиришнинг долзарб тенденциялари кенг намойиш этилади. Кўргазма доирасида ёшлар семинари зонаси фаолият юритиб, унда ёш олимлар ва соҳа мутахассисларининг инновацион ғоялари муҳокамаси ва тақдимотлари ўтказилади.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросими 19 май куни соат 11:00 да “Ўзэкспомарказ” МКМ ҳудудидида бўлиб ўтади. Халқаро конференция доирасидаги техник ва панел сессиялари 20 май куни соат 09:00 дан 17:00 гача International Hotel Tashkent меҳмонхонасининг Амир Темур залида бўлиб ўтади.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросими олдидан республика энергетика соҳаси ходимлари ўртасида “UNG YOUTH MARATHON” ёшлар марафони, “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилади.
Шунингдек, ёш олимлар учун “Ёш олимлар семинари” ташкил этилади ҳамда унда барча фаол ёш олимлар томонидан нефть ва газ саноати бўйича ўз илмий ишлари натижалари бўйича маърузалар ҳамда олинган илмий натижалари юзасидан илмий-инновацион ишлар кўргазмасини ташкил этиш имкониятлари берилади. Бунга қўшимча равишда, нефть ва газ соҳаси бўйича жамоалар ўртасида “Кейс чемпионати” ўтказилади.
Шу билан бирга, тайёргарлик доирасида нафақат жаҳон нефть-газ ҳамжамияти, молия институтлари, балки ёшлар, турли ёшдаги сайёҳлар, талабалар, олимларнинг ёқилғи-энергетика соҳасига қизиқишини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Катталар ва болалар ўртасида интеллектуал, ижодий беллашувлар, ҳамда пазандачилик шоулари ташкил этилмоқда.