“Uzbekistan GTL” заводига пресс-тур ташкил этилди
Бугун, 8 ноябрь куни "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги “Uzbekistan GTL” заводида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб, журналистлар заводнинг марказий бошқарув биносида жойлашган замонавий бошқарув панеллари орқали 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмаларини синхрон эксплуатация қилиш технологик тизими билан таништирилди.
Шунингдек, заводда тайёрланаётган янги турдаги синтетик ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳолати, уларнинг сифати ва стандартларга мувофиқлиги, маҳсулотларни сақлаш, сотиш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг улар замонавий қурилма ва асбоблар билан жиҳозланган Марказий лабораторияда Европа экологик ва “O'zDSt EN 15940:2022” миллий стандартларига жавоб берадиган юқори сифатли “GTL” дизел ёқилғисининг таҳлил жараёнларида иштирок этди.
Пресс-тур доирасида заводнинг иқтисодиёт ривожига қўшаётган ҳиссаси, ишлаб чиқариш қуввати, маҳсулот ҳажми, сифати ва нархи борасида Матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.
Куннинг иккинчи ярмида журналистлар заводга салоҳиятли ёш кадрларни етказиб бераётган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган “Энг фидоий устоз II” танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида ҳам қатнашишди.