Хитойнинг йирик нефт ва газ компаниялари билан учрашувлар ўтказилди
Маълумки, 23-25 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.
Давлат раҳбарининг ташрифи доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси ҳам йирик компаниялар билан икки томонлама учрашувлар ўтказмоқда.
Хусусан, Хитой энергетика саноатининг гиганти - "CNPC” миллий нефт-газ компаниясига тегишли бўлган "CNODС” компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқотда кон ва конларни ривожлантириш лойиҳалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама учрашувда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди.
Қайд этиш жоизки, "CNODС” компаниясининг “Янги ипак йўли” қўшма корхонаси Ўзбекистонда 2015 йилдан буён ўз фаолиятини олиб бормоқда. Қўшма корхона “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг "Денгизкўл", "Хўжасоят", "Хўжадавлат" ва "Шарқий Олот" газ конденсати конларини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этмоқда. Натижада 2020 йилда лойиҳа муваффақиятли ишга туширилди.
Учрашув якунида истиқболли йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Хитой томони чуқур қудуқларни бурғилаш бўйича тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.