“Ўзбекнефтгаз” АЖ “ADIPEC” халқаро нефт ва газ кўргазмасида иштирок этди
Жорий йилнинг 4 ноябр куни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган 23-чи Абу-Даби халқаро нефт ва газ кўргазмаси ва конференциясида (ADIPEC) иштирок этди.
Энергетика соҳасига оид дунёдаги энг йирик тадбирлардан бири ҳисобланган ушбу кўргазма 2 200 дан ортиқ компания ва 150 000 нафар иштирокчиларни, жумладан, давлат вакилларини, хусусий ташкилотлар, илмий муассасалар ва нефть-сервис компаниялари вакилларини жамлади.
Кўргазма давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ соҳадаги йирик компаниялар билан учрашувлар ўтказди. Стратегик учрашувларда углеводородларни қидириш ва қазиб олиш, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлиги ва барқарорлигини ошириш учун инновацион технологияларни жорий этиш каби муҳим йўналишлар бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор лойиҳалаш, геология-қидирув, бурғулаш, ва консалтинг каби кенг кўламли хизматлар кўрсатувчи нефт-сервис компаниялар билан ўзаро муносабатларга қаратилди.
Ушбу компаниялар “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятини модернизация қилиш ва оптималлаштиришда муҳим ўрин тутади, бу эса ўз навбатида харажатларни камайтириш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
ADIPECда иштирок этиш "Ўзбекнефтгаз" АЖ учун янги имкониятларни яратмоқда. Халқаро ҳамкорлар билан ўрнатилган алоқалар ва муҳокама қилинган ташаббуслар Ўзбекистоннинг глобал энергетика майдонидаги мавқеини мустаҳкамлайди ва барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга ёрдам беради.
Хусусан, экология соҳасидаги жаҳон тенденцияларига мос келадиган инновацион технологияларни жорий этиш, шунингдек қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзбекнефтгаз ” АЖ технологиялар ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ташаббусларни фаол ривожлантиришни давом эттириб, самарали ва экологик соф энергетика тизимини яратишга интилмоқда.
Бундай тадбирларда иштирок этиш компаниянинг халқаро энергетика ҳамжамиятига интеграция қилиш ва соҳанинг замонавий муаммоларига (ҳатарларига) мослашиш стратегиясининг муҳим қисмидир.