June 4, 2025

Озарбайжонда Компаниянинг “яшил бурчаги” барпо этилди

O‘zbekcha Ruscha

Компания делегацияси Баку энергетика ҳафталиги доирасида ташкил этилган экологик ташаббус — дарахт ва гуллар экиш акциясида иштирок этиб, атроф-муҳитни асраш борасидаги глобал ҳаракатга ўз ҳиссасини қўшди.

Бакуда ўтказилаётган энергетика ҳафталиги доирасидаги муҳим ташаббуслардан бири Baku Expо маркази ҳудудини кўкаламзорлаштириш акцияси бўлди. Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси ҳам фаол иштирок этди.

Экологик барқарорлик, ESG тамойиллари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу ташаббусда жаҳоннинг 50 га яқин мамлакатидан ташриф буюрган делегация вакиллари иштирок этдилар.

Озарбайжон Республикасидаги йирик халқаро тадбирлар ўтказиладиган Baku Expо маркази ҳудудида амалга оширилган ушбу кўкаламзорлаштириш лойиҳаси нафақат энергетика ва нефт-газ соҳасидаги ҳамкорликни, балки экологик ва ижтимоий масъулият масалаларига ҳам катта эътибор қаратилaётганини намоён этди.

Эндиликда ушбу марказда “Ўзбекнефтгаз” АЖ номидан экилган дарахт ва гуллар бурчаги ҳам мавжуд бўлиб, бу компаниянинг барқарор ривожланишга бўлган содиқлигидан далолат беради.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати