Аҳолини қиш мавсумида нефт маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қилинаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди
Хабарингиз бор, 2024 йил декабрь ойида республика ҳудудига совуқ об-ҳаво оқими кириб келиши натижасида айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилди. Натижада аҳолининг автобензинга бўлган талаби бошқа кунларга нисбатан кескин ортди.
Сўнгги йиллардаги тажрибадан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг кўрсатмалари асосида бундай вазиятларга олдиндан тайёргарлик кўриб, айнан автобензинга талаб юқори бўлган кунларда биржа савдоларига чиқарилган АИ-80 русумидаги автобензин кунлик хажми тўрт баробарга оширилди. Мисол учун 2024 йил ноябр ойида кунлик 1800-2000 тонна бензин савдога чиқарилган бўлса, 10 декабрда бу кўрсаткич 2 баробарга ортиб 3600-4000 тонна маҳсулот савдога чиқарилди. 11-18 декабр кунлари эса, кунлик хажм 4 баробарга оширилиб, 8000 тонна автобензин савдоларга қўйилди.
Маълумот ўрнида: 2024 йил декабрь ойида жами 130 минг 400 тонна автобензин шундан 94 минг 700 тонна АИ-80 русумидаги автобензин биржа савдоларида сотиш учун жойлаштирилди. Таққослайдиган бўлсак, 2023 йилнинг мос даврида жами 62 минг тонна автобензин шундан 59 минг 800 тонна АИ-80 русумидаги автобензин биржа савдоларига чиқарилган.
Мамлакатимиз аҳолисини автобензин ва дизел ёнилғиси билан зарур миқдорда ҳамда узлуксиз таъминлаш мақсадида бугунги кунда ҳам етарли захиралар мавжуд.
Маълумот ўрнида: Жорий кун ҳолатига “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналарда 60 минг тоннадан зиёд автобензин захираси бор. Таққослаш учун, бу ўтган йилнинг мос даврида нисбатан қарийб 4 баробарга кўп дегани.
Мамлакатимизда, сўнгги йилларда товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда монополияни босқичма-босқич қисқартириш, тақсимлаш тизими элементларини тугатиш, хўжалик юритувчи барча субъектларнинг моддий-техника ресурслари билан таъминланишида тенг шарт-шароитларни вужудга келтириш юзасидан ҳам изчил амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу тартиб-тамойилга асосан, “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган барча турдаги нефт маҳсулотлари фақат биржа савдолари орқали, эркин рақобат мухитида сотувга чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, республика иқтисодиёт тармоқларини дизель ёнилғиси билан узлуксиз таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, 2024 йил 19 февраль кунидан бошлаб, Бухоро заводи томонидан ишлаб чиқарилаётган анъанавий дизель ёнилғисига синтетик дизель ёнилғисини компаундлаш эвазига дизель ёнилғиси нархи 15 фоизга арзонлаштирилди. Дизель ёнилғисининг ишлаб чиқариш қувватлари оширилди.
Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида биржа савдоларига дизель ёнилғисини кичиклаштирилган лотларда сотиш ташкил этилган. Жамият тасарруфидаги нефт базаларда автобензин билан бир қаторда дизель ёнилғисини ҳам истеъмолчилар, жумладан қишлоқ хўжалиги корхоналарига етказиб бериш бўйича барча инфратузилмалар мавжуд. Қайд этиш жоизки, 2024 йил давомида дизель ёнилғиси бўйича узулишлар бўлмади.
Республика аҳолисининг автобензин ва дизелга бўлган талабини қондириш масаласи Ўзбекнефтгаз ҳамда тармоқ корхона раҳбарларининг кундалик шахсий назорати остига олинган бўлиб, бунинг учун барча имкониятлар сафарбар этилган.