Мутахассисларга халқаро тоифадаги сертификатлар топширилди
“Schlumberger” компанияси билан амалдаги келишувга асосан Моделлаштириш маркази ходимлари учун Олмаота шаҳрида ўқув курси ташкил этилди.
Унда асосий эътибор қудуқларда олиб бориладиган замонавий геофизик тадқиқот маълумотларини Techlog дастурий таъминотининг махсус Quanti.Elan плагинида интерпретация қилишни ўзлаштиришга қаратилди.
Тингловчилар геологик тузилиши мураккаб бўлган конларда ноаниқликлар ва рискларни камайтиришнинг янги геофизик каротаж усуллари билан таништирилди.
Амалий машғулотларда ривожланган йирик компаниялар томонидан бажарилган юқори аниқликдаги геофизик каротаж (ядромагнит каротаж, электрон микроимижер, кўп тармоқли акустик каротаж ва бошқалар) маълумотларини мустақил равишда интерпретация қилиш ва уларнинг афзалликлари ҳамда камчиликларини таҳлил қилиш орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги конларга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўқув курси якунида мутахассисларга халқаро тоифадаги сертификатлар топширилди.