Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ривожлантирилмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида Тошкент вилояти Янгийўл туманида жойлашган “Enter Steel” МЧЖ ишлаб чиқариш базасини ўрганди.
Металл конструкциялар тайёрлашга ихтисослашган мазкур корхона Европа ва АҚШнинг энг яхши ишлаб чиқарувчиларининг замонавий ускуналари билан жиҳозланган. Ҳозирда АСМE халқаро сертификатига эга мамлакатимиздаги ягона, Марказий Осиёдаги иккинчи завод ҳисобланади.
Ташриф давомида мутахассислар заводнинг металл конструкциялар, юк кўтариш кранлари, сиғимлар, юқори босимда ишловчи қурилмалар ва қуёш панеллари ишлаб чиқариш ва насос, компрессор қувурларини таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатиш имкониятлари билан танишдилар.
Олиб борилган мулоқот якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим корхоналари эҳтиёжлари учун импорт ўрнини босувчи металл конструкциялар, юк кўтариш қурилмалари, насос ва компрессор қувурларини тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.