Маҳаллий тадбиркорлар билан 35,6 млрд сўмлик ҳамкорлик меморандумлари имзоланди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида ташкил этилган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тармоқ корхоналари ягона кўргазма стенди билан фаол иштирок этди.
“Uzbekistan GTL” МЧЖ янги турдаги синтетик ёқилғилари, “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ ҚК, Шўртан газ кимё мажмуаси, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқиладиган маҳсулотлар, нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари учун импортдан харид қилинадиган маҳсулотлар намуналари маҳаллий ишбилармон вакилларига намойиш этилди.
Ярмарканинг ўзига хос хусусияти нафақат маҳаллий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, балки мамлакатимизда харидоргир импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтиришни рағбатлантиришга қаратилди.
Шу муносабат билан тадбир доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти инвестиция лойиҳалари ҳамда тармоқ корхоналари эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган товар ва хизматларни маҳаллийлаштириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилиб, мутахассислар томонидан юзма-юз мулоқот форматида тадбирга ташриф буюрган маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан музокоралар ўтказилди.
Кўргазма доирасида корхоналар билан янги турдаги мойлаш маҳсулотларини саноат-тажриба синовларидан ўтказиш, даража ўлчаш асбобларини ишлаб чиқариш ва уларни ишлаб чиқариш базаларда саноат-тажриба синовларидан ўтказиш, кимёвий реагентларни тажриба синовларидан ўтказиш каби йўналишларда муҳокамалар ташкил этилди.
Маҳаллий тадбиркорлар билан умумий қиймати 35,6 млрд. сўмлик 15 та иккитомонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.