Компаниянинг бизнес жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида “KPMG” билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “KPMG” компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда томонлар мавжуд ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, бизнес жараёнларни трансформация қилиш, илғор халқаро амалиётларни жорий этиш ва глобал бозор талабларига жавоб берадиган стратегик ечимларни муҳокама қилдилар.
KPMG компанияси халқаро майдонда 150дан ортиқ мамлакатда фаолият юритадиган глобал тармоқ бўлиб, дунё бўйлаб етакчи корпорацияларга аудиторлик, солиқ, юридик ва консалтинг хизматларини тақдим этади. KPMGнинг асосий йўналишлари молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, хавфсизлик ва ошкораликни ошириш мақсадида аудит ўтказишдан иборат.
Шунингдек, компания ESG (экологик, ижтимоий ва бошқарув) қоидаларига риоя қилишни қўллаб-қувватлаш, рақамли технологияларни жорий қилиш ва корпоратив бошқарувнинг энг яхши амалиётларини ишлаб чиқишда етакчи ўрин тутишини қайд этиш жоиз.
Учрашувда ўтган йиллар давомида олинган тажрибалар ҳамда келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ҳақида фикр алмашилди.
Томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янада кенгайиши, жумладан, молиявий ҳисоботларнинг шаффофлигини ошириш, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кредит рейтингларини яхшилаш ва инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича янги ташаббуслар муҳокама қилинди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон нефт-газ саноатидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва мамлакатнинг энергетика секторини халқаро миқёсда мустаҳкамлашга йўналтирилган замонавий бизнес ечимларини жорий этишда муҳим қадам бўлади.