Ишлаб чиқариш объектларида замонавий ультраовозли газ ҳисоблагичлар синовдан ўтказилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан саноат кооперация алоқаларини янада ривожлантириш, маҳаллий бозорларда талабга жавоб берувчи маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида комплекс ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда Россиянинг "Куйбышев Телеком-Метрология" илмий-ишлаб чиқариш корхонаси мутахассислари билан икки томонлама учрашув ташкил этилди.
Унда Россия компанияси вакиллари томонидан ўзларининг мавжуд ишлаб чиқариш имкониятлари ва қувватларини намойиш этувчи тақдимот ўтказилди.
Қайд этиш жоизки, “Куйбышев Телеком-Метрология” — газ ва суюқликларни ҳисобга олиш асбоб-ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона ўзининг илмий-техник марказига эга. Унинг KTM Smart Stream номли махсус дастурий таъминоти давлат реестрига киритилган бўлиб, ишлаб чиқарилган воситаларни автоматлаштирилган бошқариш тизими билан биргаликда ишлатиш имконини беради.
Ҳозирда компания томонидан ишлаб чиқариладиган ҳисоблагичлар, энг оғир шарт-шароитлар, хусусан, юқори босимлар (55 МПа гача) ва юқори ҳароратларга (+710°С) бардошли бўлиб, суюлтирилган табиий газ ва бошқа криогеник муҳитларда -196°С гача ишлайди ва аниқ ўлчов олиш имконини беради.
Компания маҳсулотлари орасида энг кичик диаметрдаги ҳисоблагичлардан то диаметри 15 метргача бўлган катта чиқиш трубаларини ҳисобга олиш учун мўлжалланган ускуналар ҳам мавжуд.
Муҳокамалар якунида газ ўлчашнинг ультраовозли ҳисоблагичларини Жамият ишлаб чиқариш объектларида синовдан ўтказиш имкони юзасидан келишиб олинди.
Шунингдек, Россия компанияси ишлаб чиқариш объектларига олий малакали мутахассисларини юбориш ва Ўзбекистонда назорат-ўлчаш ускуналари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қизиқиш билдирди.