Шўртан газ кимё мажмуасига полиэтилен чиқиндиларни майдаловчи қурилма ўрнатилади
Шўртан газ кимё мажмуасига қарашли "Қаршитермопласт" цехининг асосий линияларида таъмирлаш ва модернизация ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу цех полиэтилен грануласидан эгилувчан ва босимга чидамли бўлган қувурларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Узоқ муддат давомида узлуксиз ишлатилиб келинаётган иккита қурилмада юзага келган ортиқча тебранишлар цехнинг ишлаб чиқариш қувватини пасайишига сабаб бўлаётган эди.
Муаммони бартараф этиш мақсадида қурилмалардаги эскирган эҳтиёт қисмлар янгисига алмаштирилди. Натижада уларнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоиздан 75 фоизга, самарадорлик кўрсатгичи эса 45 фоиздан 70 фоизга ошди.
Бундан ташқари иссиқлик алмашиниш аппаратининг ички қувурлари махсус босим остида тозалангандан сўнг, қурилманинг совитиш самарадорлиги 70 фоизга ортди.
Ҳозирги кунда полиэтилен чиқиндиларни майдаловчи қурилма ҳамда босимга чидамли қувурларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган экструдер линияларини ўрнатиш ва монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Таъмирлаш, модернизация ишлари мажмуанинг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, белгиланган режаларни ўз вақтида бажариш имкониятини беради.