Германиялик ҳамкорлар билан янги тизим жорий этилмоқда
Бугун “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Германиянинг “SAP” компанияси раҳбарияти иштирокида учрашув ўтказилди. Ушбу учрашув 2023 йил компаниялар ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг Германияга ўтган йилги ташрифи чоғида имзоланган келишувларни амалга ошириш бўйича ҳукумат томонидан тасдиқланган “Йўл харита”да “Ўзбекнефтгаз” АЖда интеграциялашган "SAP" асосида "ERP" тизимини жорий этиш белгиланган.
Қайд этиш жоизки, "ERP" тизимини жорий этиш энг яхши молиявий натижага эришиш учун Жамият тасарруфидаги ташкилотларнинг максимал интеграциясини таъминлайди. Ягона тизим ахборотни узатишда инсон омили билан боғлиқ хатоларни бартараф этиш имконини беради.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Жамият мутахассислари томонидан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБда жорий этилган "SAP BPC" (Business planning and consolidation) тизими ўрганилди. Шунингдек, "SAP PI/PO" (Process Integration/Process Orchestration) функциялари ва имкониятлари бошқа халқаро компаниялар ечимлари билан солиштирилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ "SAP PM" (Plant Maintenance) – техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш модуллари, "SAP FI" (Financial Accounting) – молиявий менежмент, "SAP MDG" (Master Data Governance) – марказлаштирилган маълумотларни бошқаришни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқдилар.
"SAP"нинг Ўзбекистондаги вакиллари билан биргаликда лойиҳанинг йўл харитаси ишлаб чиқилди. Айни пайтда "SAP" асосидаги "ERP" тизими учун техник шартларнинг ташкилий-функционал кўламини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги учрашув кун тартибида эса "ERP" тизимини жорий этишда томонларнинг ваколат доирасидаги жавобгарлик масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқотда “SAP” компанияси вакиллари томонидан глобал саноат тенденциялари бўйича эришилган натижалар бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Йиғилиш сўнгида Жамиятда "ERP" тизимини амалга ошириш бўйича тегишли масалаларнинг ҳал этиш усуллари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, "SAP" – 180 та мамлакатда минтақавий ваколатхонасига эга бўлган аналитик дастурий таъминот яратувчи сифатида танилган Германия компанияси ҳисобланади.