“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви
Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётга мустақил қадам қўйишлари учун барча шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2024 йилнинг Президентимиз томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб номланиши ҳам уларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси иштирокида ташкил этилган “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқотининг моҳияти ҳам тизимда ёшлар билан самимий суҳбатлашиш, улар ички дунёсига назар солиш, қизиқишларини ўрганиш, таҳлил қилиш орқали муаммоларини ҳал қилишдан иборат.
Учрашувда Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳамда “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасида фаолият олиб бораётган 100 дан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Ташаббускор, фаол ва иқтидор эгалари сўзга чиқиб, корхоналарда ёшларга оид давлат сиёсати бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр билдиришиб, ўз таклифларини ўртага ташлашди.
Таклифлардан келиб чиқиб, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига кўпроқ иқтидорли хотин қизларни жалб қилиш, корхона равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ёшлар учун имтиёзли кредитлар ажратиш юзасидан ҳамкор ташкилотлар билан ишлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Корхоналарда кутубхоналар ташкил қилиш ва "Ёш китобхонлар клуб"ларини шакллантириш, ёш олимларни рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш ва "Энг яхши стартаплар" танловини ўтказиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Ёшлар ҳам яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўзини тўла намоён этишига ишонч билдирдилар.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖда 30 ёшгача бўлган беш мингдан ортиқ ёшлар фаолият олиб бормоқда.
Бу каби учрашувлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги барча нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва қайта ишлаш корхоналарида мунтазам ташкил этилиши қайд этилди.