Тизим ташкилотлари ўртасида ўтказилган “Футбол-2023” мусобақаси ўз якунига етди
Аввал хабар берилганидек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим ташкилотлари ходимлари ўртасида Бирлашган касаба уюшмаси, HR-департаменти ҳамда Жамиятнинг Ёшлар иттифоқи томонидан оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида футбол, шахмат, ўқ отиш, сузиш ва енгил атлетика спорт турлари бўйича турли мусобақалар ўтказиб келинмоқда.
Жамият ходимларини соғлом турмуш тарзига жалб этиш, ҳудудий бўлинмалар ходимлари ўртасида дўстона алоқалар ўрнатиш ва футболни ривожлантириш мақсадида, жорий йилнинг апрель ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ футбол-2023 чемпионати” ташкил қилинган эди.
Жорий йилнинг 20 август куни мазкур мусобақа доирасида учинчи ўрин ва финал ўйинлари ўтказилди.
Ярим финалда рақибларига имкониятни бой берган “Андижон нефт базаси” МЧЖ ва “Муборак газни қайта ишлаш заводи” жамоалари 3-ўрин учун кечган учрашувда рўбаро келишди ва ўйинда 6:0 ҳисоби билан “Муборак газни қайта ишлаш заводи” ғалаба қозонди.
Ярим финал учрашувларида рақибларини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлган «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖ ва «Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси» жамоалари финалда баҳс олиб боришди.
Ҳар икки таймда ҳам ғолиблик учун баҳс жуда қизиқарли бўлиб, ўйин тенг курашлар остида ўтди. Асосий дақиқалар 1:1 ҳисобида якунланиб, ғолиблик учун кураш пенальтилар сериясида давом эттирилди. Пенальтилар сериясида “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ жамоаси 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, “Футбол-2023” чемпионати кубоги соҳибига айланди.
Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти иштирок этиб, фаол иштирокчилар ҳамда ғолиб жамоаларни тақдирлашди.
Дастлаб, чемпионатнинг “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг яхши ҳужумчиси”, “Энг яхши дарвозабони” ва “Энг яхши ўйинчиси” номинацияси ғолиблари тақдирландилар.
Тақдирлаш маросими сўнгида “Ўзбекнефтгаз АЖ футбол-2023” чемпионати ғолиби – “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ходимларидан ташкил топган жамоа аъзолари тантанали равишда кубокни қабул қилиб олдилар.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига эсдалик совғалари топширилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақада “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ иккинчи маротаба ғолибликни қўлга қиритишди.