October 28, 2023

“Тошкент денгизи” атрофида “яшил белбоғ” яратилади

O‘zbekcha Ruscha

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2022 йил 11 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳамда ҳукуматнинг тегишли топшириқларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раисининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини самарали амалга оширишда Жамиятнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган буйруғи қабул қилинган.

Мазкур буйруққа мувофиқ, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ҳамда уларга эришиш механизми, масъул шахслар ва чора-тадбирларни амалга ошириш муддатлари белгилаб берилган. Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбирлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ESG соҳасида белгилаб олинган мақсад ва вазифалари билан уйғундир.

“Тошкент денгизи” “яшил белбоғ” деб аталган экологик зоналарни яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга дахлдор объектлардан бирига айланди. Бу ерда бугунги кунга келиб 400 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Дарахт навларини танлаш Фанлар академияси тавсиялари ҳамда ҳудуднинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилди. Кўчат экишда дарахтларнинг қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган павлония, каштан, арча, сарв, қарағай ва бошқа турлари танлаб олинди. Бу санаторий ҳудудини безатибгина қолмай, инсон ва табиатни уйғунлаштирувчи ноёб ландшафт ансамблини яратиш имконини ҳам беради.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига қарашли бошқарма ва корхоналар томонидан жорий йилнинг 6 октябридан бугунги кунгача жами 21 859 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Яшил ва экологик тоза келажакка қўшилаётган ушбу салмоқли улуш атроф-муҳитни сақлаш ва соғломлаштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Таъкидлаш жоизки, экилган дарахтлар агротехник талаблар асосида мунтазам парвариш қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади. Бу дарахтларнинг ўсиши, ривожланиши ва касалланмаслиги учун яхши шароитларни таъминлайди.

“Тошкент денгизи” атрофида “яшил белбоғ”нинг ташкил этилиши, ҳудудда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Ушбу лойиҳа экологик мувозанат ва уйғунликни таъминлаш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва ҳудуднинг табиий бойлигини тиклашга хизмат қилади. “Тошкент денгизи” дам олувчиларга табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлган ҳолда ўз саломатлигини тиклаш имконини берувчи, ям-яшил майдонлар қуршовидаги ноёб масканга айланади.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига қарашли барча корхона ва обектларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар тасдиқланган режалар асосида давом этмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube