May 4, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассислар “Schlumberger” компанияси томонидан ташкил этилган халқаро форумда тақдимот ўтказишди

O‘zbekcha Ruscha

Тошкент шаҳридаги “Wyndham” меҳмонхонасида “Каспий технологик кун: Рақамли ипак йўли, SLB 2023” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Ушбу форум “Schlumberger” компанияси ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон каби давлатларнинг “Ўзбекнефтгаз”, “Казмунайгаз”, “North Caspian Operating Company”, “Karachaganak Petroleum Operating” каби 20 дан ортиқ етакчи компанияларнинг 180 дан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Schlumberger” компанияси мутахассислари турли минтақавий ва халқаро форумларда биргаликда ўзларининг илмий-амалий тадқиқотлари билан иштирок этиб келишмоқда.

Ушбу тадбирда иштирокчи компанияларнинг “Schlumberger” билан биргаликда амалга оширган лойиҳалари натижалари бўйича маърузалари тингланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Моделлаштириш маркази мутахассислари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича учта ҳисобот тақдим этилди.

Моделлаштириш маркази нефть ва газ конларини ишлатишда юзага келадиган муаммоларни бартараф этишнинг ечимларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Бугунги кунда Марказ томонидан Ўзбекистон нефть ва газ саноатининг қарийб 120 йиллик тарихи давомида тўпланган маълумотлар рақамлаштирилиб, Миллий маълумотлар базаси ҳам яратилган.

Маълумот учун: Ушбу Марказ ташкил этилгандан бошлаб 4 йил давомида 120 та коннинг уч ўлчамли рақамли геологик, 75 та гидродинамик, 40 та газ қувурининг тармоқ моделлари ишлаб чиқилди.

Бундай Моделлаштириш марказлари “Saudi Aramco”, “ExxonMobil”, “BP”, “Shell” каби жаҳоннинг кўплаб етакчи нефть ва газ компанияларида мавжуд бўлиб, улардан ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ҳаражатларни оптималлаштириш ва нефть ва газ ишлаб чиқаришни жараёнларини яхшилаш учун фойдаланилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖга тегишли бўлган углеводород конларининг ер ости қисмлари тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, бугунги кунда Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига асосан конлардан табиий газни қазиб чиқариш ва узатиш жараёнларини, яъни ер усти тизимларини рақамлаштириш ва уни ер ости билан интеграция қилиш бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Е-КОН” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа орқали замонавий илғор технологияларни жалб қилган ҳолда углеводород конларидан табиий газ қазиб чиқариш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш кўзда тутилган.

- Бугунги кунга келиб, биз интеграциялаштирилган моделлаштиришнинг энг мураккаб вазифаларидан бирини бажаришга киришдик, унинг моҳияти нефть ва газ конларининг ер ости ва ер усти қисмларини бирлаштириш ва уларни таҳлил қилишдан иборат, - дейди Конларни ишлатиш департаментининг Моделлаштириш маркази бошлиғи Равшан Гуламов форумдаги маърузасида.

Равшан Гуламов ўз тақдимотида иштирокчиларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан газ қазиб олиш ҳажмларини кўпайтириш, конларни ишлаш режимларини яхшилаш, янги қудуқларни бурғилаш учун оптимал жойларни топиш ва конларни ишлатишни узоқ муддатли режаларини ишлаб чиқиш устида олиб борилаётган изланишлар билан таништирди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|instagram|telegram|