February 16, 2024

Кунига 500 куб метр газ қазиб олинадиган янги қудуқ очилди

O‘zbekcha Ruscha

Табиий газ қазиб чиқариш ва унинг заҳираларини кўпайтириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Устюрт региони ҳудудида ҳам бир қатор геологик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қайд этиш жоизки, Мўйноқ туманида жойлашган “Қуйи Шарқий Бердах” кони маҳсулдор қатламлардан ташкил топган. Ушбу қатламларнинг геологик хусусиятлари, босими, ҳарорати ва тузилиши мураккаблиги аксарият ҳолларда бурғилаш ишларининг белгиланган муддатидан чўзилишига сабаб бўлади.

Қатламларни ёриб ўтишдаги мураккабликларга қарамай, “Қуйи Шарқий Бердах” конига қарашли 13-сонли баҳолаш ишлатиш қудуғи 4500 метр чуқурликгача муваффақиятли бурғиланди.

Рақамли технологиялар ёрдамида қудуқдан олинган маълумотларни комплекс таҳлил қилиш натижасида жорий йил 15 февраль куни 4440-4485 метр чуқурликдаги истиқболли қатламлардан кунлик 500 минг куб метр ҳажмдаги табиий газ маҳсулоти олинди. Ушбу қудуқдан олинаётган табиий газ жамият прогноз кўрсаткичларини бажаришни таъминлашга хизмат қилади.

Ҳозирда қудуқдаги янги маҳсулдор қатламлардан олинаётган табиий газни истеьмолчиларга етказиб бериш мақсадида ер усти саноат майдончаларини технологик жиҳозлаш, газ узатиш қувурлари ва тармоқларни қуриш ҳамда қудуқни ишга тушириш бўйича якуний босқичдаги ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram| telegram | youtube | facebook