2024 йил 1-ярим йилликда амалга оширилган ишлар ҳақида
2024 йил 1-ярим йиллигида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан углеводород конларини самарали ва мақсадли ишлатиш, уларда табиий газ ва суюқ углеводород хом ашёси қазиб чиқаришни ошириш, мавжуд қудуқларнинг бир маромда ишлатилишини таъминлаш ҳамда янги конлар очиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш бўйича самарали натижаларга эришилди.
Ўтган давр мобайнида углеводородларни қазиб чиқариш кўрсаткичларига эришиш учун, 43 та қудуқ бурғиланди.
Устюрт ҳудудида чуқур юра қатламларининг газга истиқболлилигини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон тарихида илк бор чуқурлиги 5500-6500 метр бўлган “Қуйи Сургил” конидаги 11-сонли, “Сарижол” конидаги 1-сонли ва “Ғарбий Қуйи Сургил” конидаги 1П-сонли қудуқларда бурғилаш ишлари якуний босқичда олиб борилмоқда.
Шунингдек, 40 та қудуқда капитал таъмирлаш ишлари ва 20 та технологик чора-тадбир бажарилди. Жумладан, “Шўртан” конида Хитойнинг “Jereh” компанияси мутахассислари билан биргаликда 5 та кичик компрессор станцияси ишга туширилди.
Конларда 4 та газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси қурилиб фойдаланишга топширилди.Табиий газ узатиш барқарорлигини таъминлаш учун газ транспорт тизимида 56,4 км газ қувури қурилди.
846,7 минг тонна углеводород хом ашёси қайта ишланиб, 525,9 минг тонна автобензин, 307,6 минг тонна дизель ёнилғиси, шундан “GTL” дизель ёнилғиси – 184,3 минг тонна, 98,3 минг тонна авиакеросин, шундан “GTL” керосини – 50,9 минг тонна ва “GTL” нафта - 121,5 минг тонна ишлаб чиқарилди.
Жорий йил январ-июн ойларида 333,3 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиб, прогноз 109,7 фоизга бажарилди.