Нефт-кимё корхоналари бош метрологлари соҳани ривожлантириш масалаларини муҳокама этишди
Россия ва МДҲ мамлакатлари нефтни қайта ишлаш ва нефт-кимё корхоналари бош метрологлари кенгашининг навбатдаги йиллик йиғилишида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи метрологлари ҳам иштирок этди.
Унда қатнашган 80 дан ортиқ саноат компанияи вакиллари, шунингдек, ўлчаш асбоблари ва метрологик ускуналар ишлаб чиқарувчилари импорт маҳсулотларини ўзлаштириш, корхоналарни автоматлаштириш ва юқори аниқликдаги ўлчов асбобларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Асосий эътибор саноатда аниқлик ва самарадорликни ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш орқали энергия самарадорлигини таъминлашга қаратилди.
Йиғилишнинг асосий мақсадларидан бири – инновацион ва интеграцияланган метрологик ечимларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этишдан иборат бўлди. Ривожланган компанияларнинг метрологик хизматларини автоматлаштириш учун интеграциялашган ечимлар, рақамли подстанциялар ва илғор технологиялари тақдим этилди. Ушбу технологиялар саноат корхоналарида ўлчаш жараёнларини автоматик тарзда назорат қилиш имконини бериб, уларни оптималлаштириш ва аниқлигини оширишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, йиғилишда бир қатор мутахассислар ва экспертлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, нефт-кимё саноатида замонавий технологиялар аҳамиятини таъкидладилар. Давра суҳбатлари ва семинарлар орқали иштирокчилар соҳага оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш, ҳамкорлик қилиш ва янги йўналишлар бўйича келишувларга эришиш имконига эга бўлишди.
Йиғилиш якунида юқори аниқликдаги ўлчов асбобларини ишлаб чиқариш ва илғор метрология хизматлари кўрсатишда корхоналар рақобатбардошлигини ошириш ва саноатни ривожлантириш борасидаги стратегик йўналишлар белгилаб олинди.