“Ўзбекнефтгаз”: “Ўзтрансгаз” АЖга узатилаётган табиий газни автоматик ҳисоблаш эксперимент тариқасида йўлга қўйилди
Маълумки, 2023 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Табиий газ вa суюқ углеводородни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, газ ҳажмининг аниқ ҳисобини юритиш мақсадида барча табиий газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига онлайн электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш, уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш орқали ягона автоматлаштирилган табиий газ ҳаракати тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналаридаги тижорат ўлчов қаторларига саноат хроматографларини ўрнатилиши ва ишлатилишида меъёрий ҳужжатлар талабларига амал қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрангаз” АЖ ва “UzGasTrade” АЖ мутахассиcлари ҳамкорлигида Муборак газни қайта ишлаш заводидан магистрал қувурларга табиий газни узатиш нуқталарига ўрнатилган “Хромос ПГХ 1000.1” русумли саноат хроматографлардаги маълумотларни тажриба-синов тарзида электрон ҳисоблагичларга автоматик равишда узатилиши бўйича ўрганишлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, мутахассислар томонидан Муборак газни қайта ишлаш заводига ўрнатилган саноат хроматографларининг давлатлараро стандартлар бўйича қиёслов кўригидан ўтказилганлик ҳолати ўрганилди.
Шу билан бир қаторда ушбу заводнинг Диспетчерликнинг автоматлаштирилган бошқарув тизими ва Лаборатория таҳлилларини марказлаштирилган тизими ҳамда “Auto Pilot PRO” русумли сарф ўлчаш асбобини ўзаро интеграция қилиш ва маълумотларни сарф ўлчаш асбобларига узатиш учун ушбу тизимлардан фойдаланиш имконияти ўрганиб чиқилди.
Ҳозирги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак газни қайта ишлаш заводидан “Ўзтрансгаз” АЖга узатиладиган табиий газ ҳисоби юритилувчи тижорат ўлчов қаторларига ўрнатилган “Хромос ПГХ 1000.1” русумли саноат хроматографлари таҳлилларини автоматик олиб бориш ва маълумотларни “Auto Pilot PRO” русумли сарф ўлчаш асбобига автоматик равишда узатиб бориш эксперимент тариқасида йўлга қўйилди.