Аёллар саломатлиги доимо эътиборда
Онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммодир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан йилга ўсиб бормоқда. Мутахассислар касаллик эрта аниқланса даволаш учун зарур бўлган вақт етарли бўлишини қайд этишади.
Шу мақсадда "Ўзбекнефтгаз" АЖ Хотин-қизлар масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан Шўртан газ кимё мажмуасида фаолият юритаётган 45-60 ёш хотин қизлар ўртасида бепул текширувлар ташкил этилди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад аёлларда тиббий маданиятни ошириш, турли хасталиклар ривожланиш хавфини камайтиришдан иборат.
Қарши шаҳар онкологик шифохонаси билан ҳамкорликда ўтказилган тиббий текширувда мажмуада меҳнат қилаётган 250 нафар аёл қамраб олинди.
Кўрик малакали шифокорлар томонидан замонавий ускуналар ёрдамида амалга оширилди. Текширувдан сўнг ҳар бир аёлга шифокорлар томонидан индивидуал маслаҳат ва тавсиялар берилди. Бундай ташаббуслар соғлом иш муҳитини яратиш, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, саратон касаллигини эрта аниқлаш ва олдини олишга хизмат қилади.