May 18, 2023

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOCAR” компанияси раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” 25-юбилей халқаро кўргазмасида "Ўзбекнефтгаз" АЖ кўргазма стенди ўз ишини бошлади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ стендида 80 дан ортиқ турдаги нефть-газ маҳсулотлари намойиш этилган. Хусусан, “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ ҚК ва Шуртан газ кимё мажмуаси каби йирик корхоналарнинг полимер маҳсулотлари, шунингдек, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ёқилғи маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилган.

Мазкур тадбир Ўзбекистон, Озарбайжон, Малайзия, Корея, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Канада, Россия ишлаб чиқариш компаниялари ва бизнес делегацияларининг учрашуви учун ягона платформа ҳисобланади.

Тадбирнинг биринчи кунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти ва Озарбайжоннинг “SOCAR” компанияси президенти Ровшан Наджаф бошчилигидаги делегация иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон томонидан икки компания ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорликлари учун “SOCAR” компанияси президентига миннатдорчилик билдирилди.

Учрашув чоғида хорижий ҳамкорлар томонидан “Upstream” ва “Downstream» йўналишларида алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш лойиҳасида иштирок этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикасидаги конларни биргаликда ўзлаштиришга алоҳида қизиқиш билдирилди. Шу билан бирга, “SOCAR” раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оператор сифатида, шунингдек, хизмат кўрсатиш шартномаларида иштирок этишга тайёр эканлиги маълум қилинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOCAR" билан ҳамкорликда "SOCAR Trading” қўшма корхонасини ташкил этиш масаласи ҳам йиғилиш кун тартибида кўриб чиқилди.

Ўз навбатида, "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан “SOCAR” компанияси раҳбариятига компаниялар ўртасидаги потенциал ҳамкорликни ҳамда экологик стандартларга мувофиқ қайта тикланадиган энергетика соҳаларини ривожлантириш борасидаги қизиқишлари учун миннатдорчилик билдирди. Шу муносабат билан ушбу йўналишни ривожлантириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш таклиф қилинди.

Учрашув якунлари бўйича барча соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини янада ўрганиш ва барча қўшма лойиҳаларни давом эттириш бўйича келишувларга эришилди

Эслатиб ўтамиз, кўргазма жорий йилнинг 19 ва 20 май кунлари ўз ишини давом эттиради. Кўргазма доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг кўп йиллик ҳамкорлари, салоҳиятли инвесторлар ҳамда хизмат ва ускуналар етказиб берувчилар билан музокаралар ва учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|instagram|telegram|