Чехия компанияси билан саноат чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича меморандум имзоланди
2024 йил 12 декабрда Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан ўтказилган йиғилишда саноат секторига инвестициялар жалб қилиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Чехиянинг "NWT FINS.R.O" компанияси ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам экологик барқарорлик ва энергия самарадорлиги муҳим масалалардан бири сифатида кўриб чиқилди.
Унда факел газларини электр энергиясига айлантириш ва фойдаланилган техник сувларни қайта ишлаш орқали дала экинларини суғориш учун яроқли ҳолга келтиришга қаратилган янги технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "NWT FINS.R.O" компанияси ўртасида лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Лойиҳаларни амалга татбиқ этиш натижасида Ғузор туманида жойлашган жамиятга қарашли йирик саноат корхоналарида пайдо бўладиган факел газлари махсус технологиялар ёрдамида электр энергиясига айлантирилади. Бунинг натижасида нафақат экологик вазият яхшиланади, балки янги энергия манбаларини яратиш имконияти ҳам пайдо бўлади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати ушбу корхоналар томонидан фойдаланилган техник сувлар қайта ишланади ва улар дала экинларини суғоришда фойдаланилади. Бу, ўз навбатида, сув ресурсларини тежаш ва аграр соҳадаги экологик муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади.
Учрашув доирасида белгиланган масалалар бўйича кейинги босқичда “NWT FIN S.R.O” компанияси томонидан лойиҳаларни амалга ошириш бўйича техник-иқтисодий таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.