“Ўзбекнефтгаз” АЖ Татаристонлик ҳамкорлар билан инновация ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
"Ўзбекнефтгаз" АЖ делегацияси Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари Р.Шайхуддинов таклифига биноан ушбу мамлакатга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Татаристон Республикаси вазирликлари, етакчи компаниялари, илмий техник ва олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.
Татаристон Республикаси Саноат ва савдо Вазирининг ўринбосари М.Минибаев иштирокида бўлиб ўтган учрашувда “Казанькомпрессормаш” АЖ, “Челныагроснаб” МЧЖ, “Инженерно-производственный центр” МЧЖ, “ПО ЕлАЗ” АЖ каби етакчи компаниялар вакиллари ҳам иштирок этишди.
“СИБУР Холдинг” ва “Газпром Трансгаз Казань” компанияларига ташрифлар давомида ташкил этилган мулоқотларда рақамли трансформация бўйича тажрибалар ва эришилган натижалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Хусусан, “СИБУР Рақамли технологиялар” функцияларини амалга ошириш учун компанияга 200 дан ортиқ мутахассис, шу жумладан 100 нафар data аналитиклари жалб қилинганлиги самарали натижа берганлиги алоҳида қайд этилди. Мулоқот чоғида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари малакасини ошириш, “СИБУР” амалиёти ва “Рақамли технологиялар” функциялари бўйича тажриба алмашиш учун компания вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ҳам муҳокама этилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегациясининг нефтчилар шаҳри – “Альметьевск”га ташрифи доирасида “Татнефть” АЖнинг рақамли трансформация, инсон ресурсларини бошқариш, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда қазиб чиқариш ва бурғилаш жараёнларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш тажрибасини ўрганишга бағишланган бир қатор учрашувлар ўтказилди.
Кадрлар тайёрлаш маркази директори Е.А. Титанов билан ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этувчи – инженерлар, усталар, операторлар, чилангарлар, пайвандчилар ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, делегация аъзолари кадрлар тайёрлашда “Жараёнлар фабрикаси” тажрибаси ўрганишди.
“ТАТНЕФТЬ” АЖ Бош директорининг қудуқларни таъмирлаш, бурғилаш ва нефт қатламларининг маҳсулдорлигини ошириш бўйича ўринбосари Р.Шафигуллин бошчилигида Бурғилаш бошқаруви марказига ташкил этилган ташрифда ишлаб чиқариш, қудуқларни қўриқлаш, геологик қидирув ишлари ва таъмирлаш йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Делегация аъзолари ташриф якунида Татаристон Республикасининг IT марвариди бўлмиш Иннополис шаҳрида ҳам бўлишди. Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари Р.Шайхутдинов ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Б.Усманов иштирокида ўтказилган учрашувда томонлар Татаристон IT университетида рақамли трансформация ва рақамлаштириш йўналишлари бўйича “Ўзбекнефтгаз”АЖ ходимларини ўқитиш, рақамли платформалар ва геоинформация тизимларидан фойдаланиш соҳасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Иннополис университети ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.
Татаристонда ташкил этилган мулоқотлар якунларига кўра, томонлар ўртасида инновация, рақамлаштириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишларида ўзаро манфаатли алоқаларни янада жадаллаштириш борасида бир қанча келишувларга эришилди.