Ёшлар билан ишлаш комиссияси раислари учун малака ошириш курси ўтказилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институтида Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари ёшлар билан ишлаш комиссияси раислари учун малака ошириш курси ташкил этилди. Унда турли мавзуларда маърузалар, амалий машғулотлар ва кўникмалар ўтказилди.
Маърузаларда ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастурини таъминлаш, ёш раҳбарлар ахлоқи ва бошқарув маъданияти, шунингдек, Ўзбекистон–2030 стратегиясининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, ишчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнатни муҳофаза қилишнинг меъёр ва қоидаларига риоя этишда касаба уюшмаларининг ролини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Курс иштирокчиларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг интеграллашган ахборот тизимини жорий этиш, касаба уюшмаси ташкилотларида даромадлар ва харажатлар сметасини тузиш, корпоратив волонтерлик ва мотивацияни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим кўникмалар ҳамда иш усуллари ўргатилди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида ўзаро фаолиятни шакллантириш, жамоа шартномаларини ташкил қилиш ва ижтимоий шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида тажриба алмашиш имкониятлари яратилди.
Курс иштирокчилари Олимпия шон-шуҳрати музейи ва Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейига ташриф буюришди. Шунингдек, миллий кино санъати саройида “Баҳодир Ялангтош” филмини тамоша қилишди.
Ўқув дастури якунида тест синовлари ўтказилиб, курсни муваффақиятли тугатган тингловчиларга сертификатлар топширилди.