February 4

“PETRONAS” компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

O‘zbekcha Ruscha

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турипти.

Давлат раҳбарининг ташрифи доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси ҳам йирик компаниялар билан икки томонлама учрашувлар ўтказмоқда.

Хусусан, Куала-Лумпур шаҳрида “PETRONAS” компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари билан боғлиқ кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.

Учрашув доирасида турли ҳудудларда геология-қидирув ишларини олиб бориш, ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш режалари, шунингдек, газни қайта ишлаш соҳасидаги муҳим ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хорижий компания жорий лойиҳаларни батафсил ўрганиш, улар салоҳиятини баҳолаш ва мамлакатимиз нефт-газ соҳаси ривожланишининг тизимли мониторингини олиб боришга катта қизиқиш билдирди.

Маълумот учун, “PETRONAS” — Малайзия давлат нефт ва газ компанияси 1974 йилда ташкил этилган бўлиб, дунёдаги энг йирик энергетика корпорацияларидан бири ҳисобланади. Компания нефт, табиий газ ва нефт-кимё маҳсулотларини қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш ва сотиш билан шуғулланади ҳамда 50 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Шунингдек, суюлтирилган газ, нефт-кимё ва қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича лойиҳаларни фаол ривожлантиради.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook