March 5

Тошкентда VII халқаро марафон бўлиб ўтади

O‘zbekcha Ruscha

Жорий йилнинг 13 апрель куни бўлиб ўтадиган VII Тошкент халқаро марафонига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда World Athletics Label мақомига эга бўлган ягона, халқаро миқёсдаги спорт тадбирига “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Қайд этиш жоизки, ушбу марафон World Athletics халқаро мусобақалар тақвимига киритилган.

Жорий йилги марафонда бутун дунёдан 8000 га яқин профессионал спортчилар ва югуриш ишқибозлари иштирок этиши кутилмоқда. 13 апрел куни Янги Ўзбекистон боғига туташ йўл бўйлаб ва боғ ҳудудида ташкил этиладиган мусобақага 42 км классик марафон, 21 км ярим марафон масофалари ҳамда 3 ва 10 км масофалар киритилган.

12 апрел куни, асосий пойгадан бир кун олдин “Magic City” паркида болаларнинг анъанавий “Kids Run” пойгаси бўлиб ўтади. Ёш спортчилар 1 км (5–9 ёшли болалар учун) ва 3 км (10–14 ёшли болалар учун) масофаларга югуришлари мумкин. Шу куни ногиронлар учун инклюзив пойга ва шимолий юриш (3 км) мусобақаси ҳам бўлиб ўтади. Барча тадбирлар соат 08:00 да бошланади.

Марафон умумий соврин жамғармаси — 639 миллион сўмни ташкил қилади. Ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар (1-3-ўринлар) марафон ҳамкорларининг қимматбаҳо совғаларига эга бўладилар. Шунингдек, Ўзбекистон миллий рекордини ўрнатганлар учун асосий мукофотлардан ташқари, бонуслар тақдим этилади — марафон масофаси учун 15 миллион сўм, ярим марафон учун 10 миллион сўм.

Мусобақаларда фуқаролигидан қатъий назар, профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар қатнашиши мумкин. Шунингдек, корпоратив жамоалар, ташкилотлар ва спорт клубларининг жамоавий аризалари қабул қилинади.

Марафонда иштирок этиш учун Yugur.uz ва Perfend.com платформасида рўйхатдан ўтиш ва тўловни амалга ошириш керак бўлади. Рўйхатдан ўтиш жараёни 2025 йил 2 апрелгача давом этади.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати