June 19, 2025

“Uzbekistan GTL” дизел ёқилғиси Европанинг “REACH” сертификатига эга бўлди

O‘zbekcha Ruscha

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил январь ойида ўтказилган инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан муҳим амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, "Uzbekistan GTL" заводида ишлаб чиқарилаётган синтетик маҳсулотларни халқаро бозорларда тан олиниши ва экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида уларни Европа Иттифоқи томонидан талаб этиладиган REACH (Registration, Evaluation, Authorisation and Restriction of Chemicals) сертификатлаштириш жараёни амалга оширилди. Ушбу жараён 8 ой давом этди ва муваффақиятли якунланди.

Европа кимё агентлиги (ECHA) томонидан тақдим этилган "REACH" сертификати "GTL" дизел ёқилғисининг Европа бозорларига эркин ва кенг миқёсда чиқишини таъминлайди. Шу билан бирга, “GSP+” тизими доирасида экспорт ҳажмини бир неча баробарга ошириш имконини яратади.

Бугунги кунда "Uzbekistan GTL" заводида ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли, экологик тоза ва хавфсиз синтетик нефт маҳсулотлари — дизел ёқилғиси, авиакеросин, нафра ва бошқалар — Эстония, Руминия, Нидерландия, шунингдек, Россия, АҚШ, Грузия, БАА, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Бу эса нафақат маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини халқаро бозорда намоён қилиш, балки Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ва ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришда муҳим қадам саналади.

"Uzbekistan GTL" МЧЖ PR-хизмати