Қуйи тизим матбуот хизмати ходимлари учун ўқув-семинар ўтказилмоқда
Жорий йилнинг 10–11 апрель кунлари Бухоро шаҳрида “Ўзбекнефтгаз” АЖ қуйи тизим матбуот хизмати ходимлари учун “Медиа ва ахборот саводхонлиги, мобилография, сунъий интеллект ва виртуал инструментлардан самарали фойдаланиш масалалари” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Унда Жамият тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган матбуот хизмати ходимлари иштирок этди.
Бугунги кунда ахборот хабари нафақат тезкор, балки ишончли, таъсирчан ва юксак технологик талабларга жавоб берадиган шаклда бўлиши талаб этилмоқда. Семинарнинг асосий мақсади ҳам ахборот хизматлари фаолиятини замонавий медиатрендлар асосида такомиллаштириш, мобил журналистика ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали контент сифати ва тезкорлигини оширишдир.
Икки кунлик семинар давомида ахборот хизматларининг замонавий фаолиятида муҳим бўлган - матбуот материалларини тайёрлаш ва таҳрирлаш, смартфон орқали фото ва видео контент яратиш, мобил иловалардан самарали фойдаланиш, сунъий интеллект ёрдамида контент тайёрлаш амалиёти, ChatGPT воситасида матнли материаллар тайёрлаш йўналишларидаги мавзулар қамраб олинди.
Семинар кун тартибида назарий билимларни ўзлаштириш билан бирга амалий машғулотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Семинар якунида иштирокчилар томонидан фикр алмашинув ва савол-жавоб сессияси ўтказилди. Барча иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Бундай ўқув дастурлари нафақат ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, балки корпоратив ахборот сиёсатини янада самарали йўлга қўйиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.