Ноёб металларни қазиб олиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда
"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ноёб металлар таркибини ўрганиш мақсадида қаттиқ қатлам сувларидан литий ва бошқа нодир элементларни аниқлаш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу лойиҳа ноёб металларни қазиб олиш имкониятларини баҳолаш ва мамлакат иқтисодиёти учун янги саноат тармоқларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Қайд этиш жоизки, литий — бу табиатда кам учрайдиган, жуда муҳим элемент. У замонавий саноат ва технология соҳаларида жуда кенг қўлланилади. Хусусан, электромобиллар, ноутбук, смартфон ва бошқа электрон қурилмалар учун асосий энергия манбаи ҳисобланади. Шунингдек, литий юқори мустаҳкам қотишмалар ва кучли материалларни ишлаб чиқаришда кенг фойдаланилади.
Жамият томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида, литий таркиби юқори бўлган манбаларни аниқлаш ва улардан нодир металлар қазиб олишнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли Шўртан, Муборак, Газли ва Устюрт минтақаларидаги 15 та кон танлаб олинди. Ушбу ҳудудларда махсус кўчма ишлар амалга оширилиб, қатлам сувларидан намуналар олинди.
Лойиҳанинг муҳим босқичларидан бири — лаборатория тадқиқотларидир. Тадқиқотлар қатлам сувларидан литий ва бошқа ноёб металларни қазиб олиш учун зарур бўлган техник ва иқтисодий шароитларни аниқлашга ёрдам беради. Лойиҳанинг кейинги босқичларида тадқиқот натижаларига асосланиб, дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб амалга оширилади. Бу ҳисоб-китоб асосида қазиб олиш жараёнини қандай йўлга қўйиш ва иқтисодий фойдаси аниқланади.
Агар тадқиқотлар муваффақиятли якунланса ва қатлам сувларидан литий ва бошқа ноёб металларни қазиб олиш саноат даражасида амалга оширилса, бу нафақат мамлакат иқтисодий ривожланишига, балки халқаро бозорларда литий ва бошқа ноёб металларга бўлган талабни қондиришга хизмат қилади.
Ушбу лойиҳа "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан амалга оширилаётган илғор ташаббуслардан бири бўлиб, мамлакатнинг энергия ва технология соҳаларидаги барқарор ривожланишига катта ҳисса қўшади.